09.02.2025 08:10

“Чиннигул ва тикан” – Яҳё Синвар (қисса, 29-қисм)

Марҳум қўмондон, Фаластиннинг ҲАМАС озодлик ҳаракати етакчиси Яҳё Синварнинг “Чиннигул ва тикан” асарини эълон қилишда давом этамиз. 28-қисм. 

Ўн биринчи фасл

Маҳмуд акамнинг озод бўлиш вақти яқинлашиб қолганди. Онам акамнинг қайтишига ҳозирлик кўра бошлади. Яна уйларни оҳакладик. Онам ширинликлар таёрлади. Биз эса яна илгаргидек, акам Мисрдан қайтиши олдидан режалар тузганимиз каби, орзудаги режалар ҳақида суҳбатлашдик. У озод бўладиган куни қамоқхона эшиги олдида бесабрларча кутардик. Акам пешин вақтига бориб қамоқхона дарвозасидан кўриниш берди. Бизни кўриб, биз томонга югурди, биз ҳам у томон югурдик. Қучоқлашиб кўришдик, соғ-омон бағримизга қайтганига ҳамдлар айтдик. Онам ҳар галгидек ортда қолганди. Маҳмуд акам онамнинг олдига бориб, таъзим бажо қилди, юз-қўлларидан ўпди. Онам бўлсалар,  «Қўй, ҳижолат қилма, ҳой бош муҳандис», дея қўлини ўпишдан қайтарарди. Кемтигимиз тўлиб, бошимиз кўкларга етиб уйга қайтдик. Йўлда қайси танишимиз йўлиқса, шошиб келиб табрикларди. Маҳмуд акамга «Хайрият, соғ-омон экансан, бош Муҳандис», дейишарди. Маҳаллага кирарканмиз, қўни-қўшнилар Маҳмуд акамни худди ғалаба ғозониб қайтган қўмондонни қарши олгандек кутиб олишди. Бирин-кетин кунларимиз хурсанчилик, зиёратлару табриклар билан ўтди. Қамоқдан озод бўлгани хурсанчилиги эскирмай, акамнинг муҳандислик соҳаси бўйича яхши ишга жойланиш хурсанчилигига уланиб кетди. Бир қийинчиликнинг кетидан икки енгиллик келади, деганларидек, акамнинг ойлик маоши жуда яхши эди. Бу хурсанчилигимиз ҳам совумай, галдаги шодлик ҳам бошланиб кетди: Фотима опамни Маҳмуд акамнинг дўстларидан бирига унаштирдик. Сал ўтмай тўй ҳам бошлаб юбордик. Опамни келинлик уйига қўйиб келганимиздан кейин уйимизни опам тўлдириб турганини англадим. Бу бўшлиқни кўриб, юрагим қовурғаларим орасидан сиқилиб ташқарига отилгандай бўлди. Ҳаёт қонуни экан, вақт ўтиб бунга ҳам кўникдик.  Хусусан, опамнинг янги оила бағрида бахтли эканини кўргач, биз ҳам бахтиёр бўлдик. 
Кўп вақт ўтмади, қўшнимиз Умму Аъбднинг қуролли гуруҳга аъзо бўлганлик айблови билан қамалган ўғли Абдулҳафизни ҳам озод қилишди. Қўни-қўшнилар уни ҳам Маҳмуд акамдан кам бўлмаган тарзда қарши олишди. Бу сафар Умму Аъбд хола ширинликлар билан сийлади. Лекин Маҳмуд акам Абдулҳафиз билан бир қамоқда бўлишига, қийинчиликларни бирга бошдан ўтказганига қарамай, уни кутиб олиши ўзгача бўлди. Тўғри, уларни қалин дўст бўлиб кетишига минг бир сабаб бор, аммо бошқа тарафдан ўрталарида хусумат пайдо бўлгани сезилиб турарди. Суҳбатларида сиёсий ва фикрий масалалар гапирилганда дарров бири бошқасининг гапини бўлиб, танқид қилишга ўтарди. 

Маҳмуд акам ишга жойлашганидан бир неча ой ўтиб, онам бош муҳандисга ярашадиган бир уй солишини тавсия қилди. Акам билан учрашишга келган яқинларини ўтқазишга жўяли хонамиз йўқ эди. Шундан сўнг қурувчилар ёллаб, керакли хом-ашёлар харид қилдик. Деворлари баланд, деразалари кўп, чиройли эшик қўйилган замонавий уй солинди. Кейин онам бир каравот олишни айтди. Сшнгра курсилар.. Кейин бошқа жиҳозлар.. Секин-аста уйимизда сезиларли даражада ўзгариш бўлиб, Маҳмуд акамни уйлаш ҳақида гаплар бошланди. Онам акамдан қиз излаётганда қандай сифатларга эътибор беришини сўрарди. 

* * * 

Жангарилар шашти пасайиб кетганди. Уларнинг кўплари қамоққа олинган, бир қисми шаҳид бўлганди. Одамларга дунё эшиклари очилиб, машғул қилиб қўйганди. Исроилнинг жангариларга қарши муваффақиятларидан ташқари, талайгина қурол-аслаҳа захиралаб олганди. Энди уларнинг Фаластин ҳақидаги тасаввурлари анча кенгайганди. Бунинг натижасида кўнгилли жангчиларни сиқувга олиш анча осонлашганди. «Халқ озодлиги»  ҳаракатининг фаолияти кескин пасайиб кетди. Чунки бу ҳаракатни ташқаридан қўлловчи бўлмаган. Ҳатто Ғарбий Соҳилда ҳам ҳамкори бўлмаган, фақат Ғазо секторидагина чекланган эди. Кейинчалик улар ўрнини «Фатҳ» ва «Халқ фронти»  ҳаракатлари эгаллади. 
Қўлга олинганлар муддатларини ўтаб, озод бўлиш вақти кела бошлаши билан фикрий ва сиёсий оқимлар шакллана бошлади. Бу йигитлар орасида, оила аъзолари даврасида, қўйинг-ки, бегона қулоқ тушишидан холи деб билган давраларда ўткир сиёсий ва фикрий суҳбатлар бўларди.

Очиқ-ойдин кимлардир «Фатҳ» нинг назарияларини олган, фикрларини ёйган, яна кимдир «Халқ Фронти»нинг қарашларини ёқлаган, фикрлари, идеологиясини ёйганининг гувоҳи бўлардик.

Давоми бор...

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.